ДМИТРИЙ КИСЕЛЁВ ҲАЛИ БЎЛМАГАН ПАЙТДА

Олег Панфилов

01.12. 2014

12 йиллар илгари ҳуқуқбонлик ташкилотлари Россия оммавий ахборот воситалари (ОАВ)да ксенофобия даражаси ўсаётгани хавфи ҳақида бонг ура бошлашди. Ривожланган қайтақуриш даврида дастлабки мустақил газеталар Россиядаги анъанавий антисемитизм билан шуғулланишган бўлса, иккинчи чечен уруши бошида кавказофобия даражаси ўсди. Чеченларга қарши кайфият Россия жамиятида 90-чи йиллар ўртасидаёқ, биринчи чечен уруши даврида пайдо бўлди, Путин бошқарувининг биринчи йилларида иккинчи чечен уруши бошланиши билан эса ксенофобия даражаси бир неча мартага ўсди. Юрий Лужковнинг “кавказ миллатли шахслар” ҳақидаги цитатаси “буюк Россия” ибораси қандай бўлса, худди шу кунда ишлатилаётган иборага айланди. Ҳуқуқбонлар Жиноят кодекси ва Конституциянинг моддаларини кўрсатсалар-да, бироқ мамлакатда янги сиёсат ва миллий озчиликка бўлган муносабат мустаҳкам илдиз отиб бўлган эди. 2006 йилда Грузия билан муносабатлар кескинлашгандан кейин грузинофобиянинг алангалангани кузатилди. Икки йилдан бери Россия жамоатчилиги ксенофобиянинг янги тури – украинофобияни бошидан кечирмоқда.

Жиноятнинг бу тури ҳозир ҳеч кимни ҳаяжонга солаётгани йўқ – Путин ва унинг атрофи украинофобияни ёйишда салкам лидерга айланишди. Ҳозир Россия газеталари, телевидениеси ва интернети РФ Жиноят кодекси моддалари таъсирига тушадиган ҳақоратлар ва учирма гаплар билан тўлиб тошган. Россия давлатининг биринчи шахслари ишлатадиган “киев хунтаси” ибораси жамият кайфиятига калит бўлди. Энди буни гапириш ва нафрат даражаси ўсганлиги ҳақида ташвиш билдиришга қараганда “ксенофобия” сўзининг ўзини айтиш хавфлироқ бўлиб қолди. Украинафобия давлат сиёсатига айланди.

Яқин ўтмишдан бошқа бир мисол. Олти йил илгари рус интернетида Михаил Лермонтовнинг “Демон” поэмасидаги “қўрқоқ грузинлар қочишди” ибораси энг кўп тилга олинадиган сатр бўлди. Аминман, катта кўпчилик россияликлар бу сатр қаердан олинганини эслашмайди, бироқ блогосфера ва ижтимоий тармоқларда улар катта иштиёқ билан ёзишар ва муҳокама қилишар эди. Охирги икки ўнйилликда улар яна ўша Лермонтовнинг “Баджаҳл чечен ханжарини чархлаб қирғоққа қараб эмакламоқда” сатрини ёзишмоқда. Россияликлар ўзларининг ксенофоб даъволарини 19-чи аср асарларидан қидириб, гўё-ки, 100-150 йил ўтмишга ўтиб қолганга ўхшайдилар.

Агар СССРнинг Жиноят кодекси ҳақиқатан ҳам ишлаганда эди, ўртоқ Сталин миллий ифтиҳор ва миллатлараро низони қўзғатгани учун бир неча муддат қамоқда ўтирган бўлар эди. Формал нуқтаи-назардан ксенофобия миллатлараро ёки динлараро низони қўзғатувчи ҳаракатлар каби СССРда жиноят ҳисобланар эди. РСФСРнинг 1926 йилдан бошлаб амалда бўлган Жиноят кодексининг барча таҳрирларида жазо белгиловчи моддалар бор эди. Агар СССРнинг Жиноят кодекси ҳақиқатан ҳам ишлаганда эди, ўртоқ Сталин миллий ифтиҳорни ҳақоратлагани ва миллатлараро низони қўзғатгани учун бир неча муддат ўтирган бўлар эди.

Унинг бошқаруви йилларида бутун-бутун  халқлар ўз ерларидан минглаб километр нарига тўқилган айблар асосида кўчириб юборилди. 1937 йилда 74500 та корейс Узоқ Шарқ ва Сахалиндан нега кўчирилди? Чеченлар, ингушлар, қримтатарлар, волгабўйи немислари, финн-ингерманландлар, қорачойлар, қалмиқлар, болқорлар, месхети-турклар, литвалилар, латишлар, эстонлар ва кўпгина бошқалар нега кўчирилди?

Совет Иттифоқида “миллатлараро низо қўзғатиш” расман таъқиқланган эди. Қрим татарлари ўнйиллар давомида уйларига қайтаришларини талаб қилишди, жавобан эса “фашистларга ҳамкорлик қилиш” айбини эшитдилар. Чечен ва ингушларнинг бир неча авлоди Марказий Осиёда ўсишди ва уларга “совет халқининг душмани” деган тавқи-лаънатни доимий эслатиб туришди. Кўчирилган халқлар айбининг даражасини суд эмас, совет мулозимлари ўз фармонлари ва буйруқлари билан аниқлашган. Болқорлар НКВДнинг буйруғи билан кўчирилди. Қрим татарлари Давлат мудофаа комитети қарори билан кўчирилдилар. Чечен ва ингушлар эса бор-йўғи ИИВ халқ комиссариати инструкцияси асосида кўчирилди. Қалмиқларни Халқ Комиссарлари Кенгаши қарори, қорачойларни СССР Олий Кенгаши Ҳайъати фармони бўйича Сибирга кўчиришди.

“Икки тубли” совет мамлакатида Жиноят кодекси “миллий низо қўзғатиш” таъқиқлаган эди, аҳоли эса завқ-шавқ билан бош қаҳрамонлари муайян миллат одамлари бўлган анекдотлар айтар эди. Анекдотлар масалан бундай бошланар эди – “рус, украин ва қозоқ учрашиб қолишибди”. Ўз-ўзидан маълум-ки, бу учовлоннинг бири ақлли, қолганлари эса ахмоқ бўлиши керак эди. Сиёсий анекдотлар айтиш хавфли бўлса-да, чукча ёки яҳудий устидан кулиш эса бемалол эди. Сиёсий анекдотлар учун қамаб қўйишарди, “миллий”лари учун эса қамашганини ҳечам эшитмаганман.

“Икки тубли”ликни намойиш қиладиган ҳаётий суврат – халқлар дўстлиги ҳақидаги улкан транспарант тагида одамлар “тупой чукчалар” ёки “ўта айёр яҳудийлар” ҳақида гаплашиб ўтиришарди. Америкаликлар, немислар ва бошқа европаликлар ҳақидаги анекдотлар рағбатлантирилар ҳамда радио ва телевидение орқали оммалаштирилар эди. Бу – халқлар орасига низо солиш эмас, империалистларга совет адолати нуқтаи-назаридан берилган жавоб тариқасида қаралар эди. Михаил Задорнов бундан 30 йил ҳам, 50 йил ҳам илгари “тупой америкалик”лар ҳақида гапирса, худди шу бугунгидай машҳур бўларди.

Совет даври ғалати эди. Мамлакатни турли миллатлар вакиллари бошқарарди, улар ўз миллати вакилларини ҳам қатағон қилишни эсдан чиқармаган ҳолда бошқа миллатлар вакилларини депортация қилишга буюришарди. Бу – қонун ва ахлоққа ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, аҳолини қўрқитишга эса тўғридан тўғри алоқадор эди. СССРда антисемитизм бўлмаган, идишда ҳатто газета ва журналлар чоп этиларди. “Врачлар иши” эса бор гап, ва тушунарсиз бир ҳолда, врачларнинг ҳаммаси яҳудийлар бўлиб чиқди. Шунинг учун “врачлар иши” кўпроқ сионистлар фитнаси иши кўринишида маълум. Волгабўйи немислари аввал Уралга, кейин эса Марказий Осиёга сургун қилинган эди, бироқ барча шу йиллар давомида 446480 депортация қилинганлар авлоди, кейин уларнинг ҳам авлоди ўз шаънига айтилган ёқтирмаслик ва ҳақоратни сезиб турдилар.

18-чи асрдан бери Волгабўйида яшаган россиялик немислар тўсатдан совет одамлари учун ёмонга айландилар, Константина Симоновнинг “Ўлдир уни!” шеъри оммалаштирилгандан кейин эса тамоман “фашист” бўлиб қолдилар. Симоновни миллатлараро нифоқни қўзғатгани учун ҳеч ким жиноий жавобгарликка тортмади. Совет ҳукумати шу тахлитда босқинчиларга нафрат рухини кучайтириш керак, деб ҳисоблади. Ярим миллион россиялик немислар ташвиқот қурбони бўлишди, Симонов эса совет доҳийларининг арзандасига айланди, Социалистик меҳнат қаҳрамони бўлди, Ленин ва 6 (!) марта Сталин мукофотларини олди.

Россия империясининг Қонунлар Свод (Тўплам)и IX-чи жилдининг 1-моддасидан келиб чиқадиган қонунларига кўра, мамлакат аҳолиси табиий фуқаролар (яъни, руслар) ва инородец (ўзганаслли)ларга ажратилиб, ўзганасллиларнинг саккиз тоифаси тузилган эди. Бошқа миллатлар одамларига бундай нафрат қаёқдан пайдо бўлган эди? Украина деган мамлакат йўқ, деб бемалол гапираётган Дмитрий Киселевнинг аждодлари ҳозирги ташвиқот учун анча ҳузур-ҳаловатли шароитларда яшаган эди.

Николай Коркуновнинг 1914 йилдаги “Россия давлат ҳуқуқи” номли китобида “барча бу тоифалар, табиий, бир-биридан кескин фарқ қиладиган турли икки турга – яҳудийлар ва шарқий ўзганасллиларга” бўлинган эди. Тенгҳуқуқлилик номига эди – мусулмонлар ва яҳудийларга “ўз ота-боболарининг қонун ва эътиқодлари бўйича Худони турли тилларда улуғлаш, россиялик монарх (қирол)лар ҳукмронлигини мақташ ва Олам яратувчисига империянинг фаровонлиги ва мустаҳкамлигини оширишни илтижо қилиш рухсат этилган эди”, бироқ бир пайтнинг ўзида рус тилидан фойдаланишдан тортиб давлат дини ҳисобланган православиени қабул қилишгача бўлган руслаштиришнинг барча усуллари олқишланарди.

Россия империясининг жиноят ҳуқуқида “миллатлараро нифоқни қўзғаш” деган тушунча бўлмаган, шунинг учун амалдорлар, ҳарбийлар ва публицистлар “бўйсундирилган” халқлар ҳақида ўзлари истаганича гапиришга эркин эди. Императорлар намуна кўрсатардилар: Қримни босиб олгандан кейин Екатерина II: “Қрим бу ёввойи қабиладан тозаланган ва олийжаноб насл жойлашган пайт энг улуғвор пайт бўлади”, деб ёзган эди. Россия шаҳарларида қораюзчиларнинг бебошликлари ҳукм сурарди, бўйсундирилган ҳудудларда эса халқларга ҳозирги замон тилида ‘террор’ деб аталувчи муносабат йўлга қўйилган эди.

19-чи асрда информация манбъаси фақат газета, журнал ва китоблар эди. Улар кичик тираж (нусха)ларда чоп этилар, уларни ўқийдиганлар эса фақат олий табақа ва интеллигенция (зиёли)ларнинг бир қисми эди. Аҳолининг аксарият қисми саводсиз эди, саводлилик 1897 йилги статистикага кўра бор-йўғи 27 фоиз бўлган. Бундай олиб қараганда, аҳоли ташвиқотга унчалик ҳам муҳтож бўлмаган, чунки Россия монархиясида ички ва ташқи сиёсатни самодержец-подшоҳ олиб борарди. Масалан, Нижегород губернияси деҳқонларини Кавказ ёки Марказий Осиёни бўйсундириш зарурати борлигига ишонтириш маънога эга эмас эди, шунинг учун уларга бу заруратни билдиришга ҳожат ҳам йўқ эди. Ўзга ерларни босиб олиш ташвиқоти ҳарбийлар ва аристократия (юқори табақа)нинг руҳини кўтариш учунгина керак эди, холос.

Ўзга ерларни босиб олиш ташвиқоти:  1) босиб олишлар зарурати ҳақида –  тушунтириш ва  2) рус армиясининг қаҳрамонликлари ҳақида – баёний қисмлардан иборат эди. Босиб олишлар маъноси ҳаммага тушунарли эди – “рус ерларини йиғиш” деганда оддий оккупация тушуниларди. Ерлар “рус”ларники деб айтилса-да, у ерларда яшовчи халқлар эса умуман руслар эмас эди. Ҳудудларни босиб олаётган россиялик генераллар “ёввойи”лар ва “варвар”ларга яхшилик қилмоқдамиз, дея ишонардилар. Советлар тарихи чоризмга қарши курашувчи, деб эълон қилган декабрист Павел Пестель “Русская правда”да 1824 йилда Россия халқлари учун ўгитлар қоғозини чоп қилди. Унда у бўйсундирилган халқларнинг ўрнини аниқ кўрсатган: “Бу халқлар Россияга турли зарарлар келтириш учун бирорта ҳам ҳодисани ўтказиб юборишмайди, уларни тинчитиш учун фақат битта – уларни тамоман бўйсундириш – воситаси бор, холос; бу тўлиқ амалга оширилмас экан, тинчликни ҳам, хавфсизликни ҳам кутиб бўлмайди. Акс ҳолда бу мамлакатларда доимий уруш бўлади”.

Россиялик амалдорлар ва ҳарбийларнинг китобини ўқир экансан, ундаги агрессия даражасини кўриб ҳайрон қолишдан чарчамайсан. Алексей Ермолов ўзининг “Битиклар”ида: “Терек дарёси оқимининг пастроғида қароқчиларнинг чизиққа ҳужум қилувчи энг баджаҳллари, чеченлар яшашади …Чечняни адолатли равишда барча қароқчилар уяси дейиш мумкин” деб ёзган эди. Ҳарбий маҳкама Кавказ комитетининг иш юритиш бошқарувчиси академик Владимир Бутков “Кавказнинг янги тарихи учун материаллар”ида бориб турган ксенофобдай фикр юритган эди: “Чеченлар шундай халқ-ки, ўзларининг ҳайвоний майлига кўра ҳеч қачон тинч юрмайди ва ҳар қандай ўнғай шароитда қаршилик қилишни сутбетларча қайта бошлайди, уни эса тоғли ерлар, даралар ва ўрмонлар яширади ва у мос жазони олишига тўсқинлик қилади”. Генерал Эдуард Бриммердан парча: “Тоғлилар, табиатнинг бу болалари, барча ахмоқ ва ақлсиз одамлар каби, ҳамма вақт яхшиликни заифлик дея қабул қилишади”. Дмитрий Киселевнинг оҳангини сезаяпсизми? 18-19-чи асрлардаги кўпчилик шоир ва ёзувчиларнинг ижоди ҳарбий мавзу ва “бўйсундириш”га бағишланган эди, Дмитрий Киселев эса Россиянинг империалистик сиёсатининг касалига оид ҳамма нарсани янги технологик даражага ўтказмоқда, холос.

Чеченистон тарихчиси Майрбек Вачагаев “бўйсундирилган” халқларга бўлган бундай муносабатни яхши ниятлар билан қилинган, деб ҳисоблайди: “Россиянинг маданий-либерал элитаси Россининг Кавказдаги миссиясини самимий маърифатчилик, деб ҳисоблаган. Улар Испания томонидан Америка индеецларини, ёки французлар томонидан Африкани босиб олиниши билан ўзига хос ўхшатиш ўтказишни истар эдилар. Бу, уларнинг фикрича, кавказликларни Европа цивилизацияси билан бир хил даражага қўйиши лозим эди. Ҳақиқатан, Кавказ цивилизацияси бирор нарсада Европа цивилизациясидан паст бўлмаган, ўзларининг жамиятдаги ўзаро муносабатларида эса ундан юқори мавқеъда турган. Айнан янги ҳудудларга ишонмаслик заминида конфликтлар келиб чиқар эди”. Кавказ ва Марказий Осиёнинг “ёввойи қабилалар”и ҳақидаги фикрни шоир ва ёзувчиларнинг кўпсонли асарлари тўлдирар эди. Биринчи навбатда улар “рус қуроли” ва ҳарбийларнинг қаҳрамонликларини улуғлар, босқинчилик сабабини тушунтириш учун эса бўйсундирилган халқларни ерга уриш ишлатиларди. “Қўрқоқ грузин” ва “баджаҳл чечен” ҳақидаги сатрлар шундан пайдо бўлган.

Эски газеталар, журналлар, китобларни қайта ўқиб чиқиш фойдадан холи эмас. Уларда ҳозирги кунда бўлаётганларга жавоб топасан. Агар Дмитрий Киселев телеэкранда Ермолов, Лермонтов ёки Пушкин китобларини оддийгина ўқиб берганда эди, таассурот ўшандай бўлар эди: “Шарқ янги шафақ билан ёнмоқда. Текисликда, қирлар бўйлаб замбараклар гулдирамоқда. Арғувон тутун бурама бўлиб осмонга, тонги нурлар қаршисига кўтарилмоқда”. Уларга 19-чи асрда мазза эди – на инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш, на халқаро мажбуриятлар, на қайсар Евроиттифоқ ва ЕХҲТ безовта қилмасди. Дмитрий Киселевга эса “подшоҳ”га ёқиш учун муттасил ёлғон гапиришга ва илондай тўлғанишга тўғри келаяпти.

Олег Панфилов, Илия давлат университети профессори (Грузия), Москвадаги Экстремал журналистика марказининг асосчиси ва директори (2000-2010)

ЛЎҒАТЧА

                Ксенофобия –  айнан таржима қилинса бошқа халқлар ёки бегона одамлар олдидаги қўрқувни англатади; Кўпинча бошқа халқларга нисбатан чидамсизлик, нафрат ва жирканиш сифатида ишлатилади;

                Антисемитизм –  айнан таржима қилинса яҳудийларни таъқиб қилиш ва камситишни англатади; “Семит” сўзи Нуҳ пайғамбарнинг ўғли Сим номидан келиб чиққан;  Миллий ва диний чидамсизлик ва бидъат формаларидан бири;

                Кавказофобия –  Кавказ халқлари олдидаги қўрқув, уларга нисбатан чидамсизлик ва нафрат, улардан жирканиш;  Россиянинг расмий доиралари ва оммавий ахборот воситаларида содир этилган аксар жиноятларни “кавказ миллатли шахслар” содир этган, дея текширмасдан айбни кавказликларга ағдарган ҳоллари кўп бўлган ва натижада Россияда кавказофобия кучайган;

                Цитата –  бирор матн ёки нутқдан олинган парча (иқтибос);

                Грузинофобия –  Кавказофобияга қаранг;

                Украинофобия –  Кавказофобияга қаранг;

                Икки тубли (двойное дно) совет мамлакати –  рус тилида чемодан с двойным дном” (“икки тубли жомадон”) ибораси жосуслар ва оддий одамлар ўта сир тутилган ҳужжат ёки нарса (мас., қимматбаҳо буюм, танга, пул)ларни чегарадан олиб ўтиш учун ишлатиладиган, асосий туби остида яна битта яширин туби бўлган жомадон ясашган; “Икки тубли жомадон” иборасини давлат сиёсатига ҳам қўллашади – давлат қонунлари инсонпарвар, халқпарвар бўлса-ю, бироқ давлат мулозимлари уларга амал қилмаса, бундай сиёсатни “икки тубли” сиёсат дейилади; Собиқ совет мамлакатида худди шундай сиёсат олиб борилган;

                Анекдот –  қисқа, кулгили, топқир, доно ҳикоя (тарих – ўтмишда бўлган ёки ҳозирда бўлаётган ёки келажакда бўлажак воқеалар ҳақида);

                Транспарант –  ёғоч ёки металлдан ясалган катта рамкага тортилган, рамка орқасидан ёритилганда яхши кўринадиган мато ёки картон устига чизилган расм ва ёзувлар; Одатда, транспарант сергавжум жойларга, ўтган-кетганнинг диққатини ўзига тортадиган, баланд қилиб ўрнатилади; Транпарант сиёсий ташвиқот ёки реклама сифатида ишлатилади;

Идиш –  Европа, АҚШ, Жанубий Африка ва Исроилда яшовчи яҳудийларнинг бир бўлагининг тили;

“Врачлар иши” –  1948 йилда бошланиб 1953 йилда тугалланган, СССРнинг олий мансабли раҳбарларини даволашга масъул бўлган юқори малакали врачлар гуруҳи устидан очилган жиноий иш;  Бу гуруҳга кирган врачлар асосан яҳуд миллатига мансуб бўлган; Уларга совет раҳбарларини нотўғри даволаш ва, ҳатто, атайлаб ўлдириш айби қўйилган;  Сталин ўлимидан кейин улар дарҳол озод қилинган ва айблар олиб ташланган;

Сионизм –  яҳудлар халқини бирлаштириш ва тиклаш ҳамда Исроил давлатини тузиш мақсадида ташкил қилинган сиёсий ҳаракат; Бу атама Қуддусдаги Сион тоғи номи билан боғлиқ;

Депортация –  шахс, бир гуруҳ одамлар ёки халқни бошқа давлатга ёки бошқа жойга мажбурий кўчириш; Одатда, депортация қуролланган гуруҳ (аскарлар) томонидан амалга оширилган;

Қонунлар Своди –  (Свод Законов) Қонунлар Тўплами;

Инородец –  19-чи асрда ва 20-чи аср бошларида Россия империясининг расмий ҳужжатларида барча нославян шарқий халқлар (қалмиқ, қирғиз, бурят ва ҳ.) шу умумий ном билан ёзилган; Инородец = Ино (ғайри, бошқа, ўзга) + род (насл) – ғайритабақали, ўзга наслли;

Публицистика –  кечаётган ҳаёт ва жамиятнинг муҳим муаммоларини кўтарган ва ёритган асарлар (мақолалар, ҳикоялар, китоблар ва ҳ.) тури;

Қораюзчилар (черносотенцы) –  Россияда 1905-1917 йилларда ўта ўнг қарашли, монархизмни тарғибот қилган, буюкдавлатчилик шовинизми ва антисемитизм руҳидаги ташкилотлар вакиллари гуруҳи;

Оккупация –  бир давлат қуролли кучлари томонидан ўзига тегишли бўлмаган ҳудудни босиб олиш ва вақтинча  эгаллаб туриш;

Варварлар –  қадимги юнон (грек)лар, кейин эса римликлар учун нотаниш, ўзга юртли, тушунарсиз тилда сўзлашувчи, ўзга маданиятга эга бўлган одамлар (халқ);

Декабристлар –  1810-чи йилларнинг иккинчи ярмида ва 1820-чи йилларнинг биринчи ярмида Россияда ҳаракатда бўлган, 1825 йил 14 декабрда қуролли қўзғолон кўтарган мухолиф ташкилот; Бу ташкилот номи қўзғолон уюштирилган ой (декабрь) номидан олинган;

Агрессия –  БМТ Уставига кўра ҳозирги замон халқаро ҳуқуқ тушунчаси бўлиб, бир давлат қуролли кучлари томонидан бошқа давлатнинг ҳудудий яхлитлиги ёки сиёсий мустақиллигига қарши тажовуз (босиб олиш);

Элита –  давлат бошқаруви ёки иқтисодда юқори лавозимларни эгаллаган шахслар гуруҳи;

Конфликт –  тарафкаш икки шахс ёки томонлар орасидаги можаро;